Вопросы и ответы
Менда ғоя бор, уни амалга оширишда республикадаги олимларимизнинг ёрдами зарур, шунинг учун қайси давлат органига мурожаат қилишим керак?

Ғояни тайёр ишланма (технология, маҳсулот, фойдали модель, жараённи оптималлаштириш бўйича қулай ечим ва в.ҳ.) кўринишига келтириш босқичида маслаҳат ва кўмак олиш учун ғоя тегишли бўлган фан йўналишига қараб Фанлар академияси (www.academy.uz), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (www.edu.uz), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (www.agro.uz), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (www.minzdrav.uz), Халқ таълими вазирлиги (www.uzedu.uz) ҳамда уларнинг тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик муассасаларига мурожаат этишингиз мумкин.

Янги инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга жорий этиш билан боғлиқ масалаларда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига мурожаат қилишингиз ҳамда www.uzscience.uz веб-сайти орқали тегишли маълумотларни олишингиз мумкин.

Талабгорлар томонидан топширилган малакавий имтиҳонлар ўз кучини сақлаб қоладими?

Олий ўқув юртидан кейинги таълим жараёнида талабгорлар томонидан малакавий имтиҳонларни топширганлиги ҳақидаги гувоҳном 5 йил муддатгача амал қилади.

Олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимида тайёрланган диссертациялар ҳимоясини ўтказиш масаласи қандай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони асосида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг сифатини ва самарадорлигини тубдан ошириш, олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳасини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқот фаолиятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этишига имкониятларни кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда умумқабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ диссертацияларни ҳимоя қилишнинг икки поғонали тизими жорий қилинди.

Шу муносабат билан олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими бўйича ўрнатилган тартибда фалсафа доктори (Ph.D) ва фан доктори (D.Sc) диссертация ҳимояларини ўтказиш мумкин.

Диссертация мавзуи қайси муассаса томонидан тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади?

Диссертация мавзуи иш бажарилаётган олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Олий аттестацияси комиссияси (ОАК)да рўйхатдан ўтказилади.

Диссертация ҳимоясисиз фан доктори илмий даражаси берилиши мумкинми?

ОАКнинг тегишли низомларида истисно тариқасида тегишли шахсларга докторлик диссертациясини ҳимоя қилмасдан фан доктори илмий даражасини бериш тартиби белгиланган бўлиб, унга мувофиқ фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган йирик ихтиро муаллифига интеллектуал мулк агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар хулосаларига кўра Илмий кенгаш тақдимномаси асосида ОАК қарори билан амалга оширилади.

Фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасини олган талабгорларга илмий унвонлар бериладими?

Фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасини олган шахсларга ўрнатилган тартибда ОАКнинг “Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги Низоми” талаблари асосида илмий унвон берилади.

Ихтироларни амалга ошириш учун қайси давлат органига мурожаат қилиш керак ва қандай амалий ёрдам олиш мумкин?

Ихтироларни ҳуқуқий ҳимоялаш мақсадида патентлаш учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат этиш зарур. Патентланган ихтироларни амалиётга жорий этиш учун тегишли йўналишдаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ихтиро тўғрисидаги ахборотни тарқатиш ва уни амалиётга жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ҳар йили ўтказиладиган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида иштирок этишингиз мумкин.

Ярмарканинг экспозиция қисми анъанавий тарзда стратегик устуворликларни акс эттирадиган 5 та йўналиш бўйича тақдим этилган:

  • саноат;
  • қишлоқ хўжалиги;
  • соғлиқни сақлаш ва фармацевтика;
  • ахборот технологиялари;
  • фан ва таълим.
Илмий-тадқиқот лойиҳалари танловлари қайси муддатларда эълон қилинада?

Фундаментал тадқиқотлар илмий-техника дастурлари ҳар тўрт йилда бир марта, амалий тадқиқотлар дастурлари ҳар уч йилда бир марта, инноваци дастурлари эса ҳар йили шакллантирилади. Ўтказиладиган танловлар тўғрисидаги ахборот ҳар йили июль ойида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Давлат илмий-техника дастурлари ким томонидан шакллантирилади ва молиялаштирилади?

Давлат илмий-техника дастурлари Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

Илм-фан билан шуғулланадиган ёшларни хорижда малака оширишлари қайси манба ҳисобидан молиялаштирилади?

Ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий тажриба стажировкаларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 302-сон қарори билан ташкил этилган Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.