Илмий ходимлар учун мақола чоп этишга кўмаклашиш ва ҳамкорлик

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси жорий йилнинг 21-22 февраль кунлари ўтказилган “Илмий ахборотлардан фойдаланиш ва муаллифларнинг нашр этиш фаоллиги” мавзусидаги II-миллий илмий-таълимий форум натижаларига амалий кўмак бериш мақсадида қуйидагиларни маълум қилади.

2017 йилнинг 10-14 июль кунлари Порт Элизабет шаҳрида (Жанубий Африка) Гидрология фанлари бўйича халқаро уюшмаси Илмий ассамблеясининг 26-сессияси ташкил қилинади. Илмий ассамблеяси мавзуси: “Сув ва тараққиёт: ижтимоий соҳада илмий ёндашувлар”. ЮНЕСКО ахборотномасига кўра, ассамблея мақолалар тўпламига ёш тадқиқотчилар қуйидаги мавзулар бўйича қисқача илмий ахборотни (инглиз тилида) жорий йилнинг 6 март кунига қадар қуйидаги веб-саҳифа орқали тақдим этиши мумкин (https://en.unesco.org/feedback/facilitating-scientific-contributions-water-diplomacy-and-cooperation-processes-call):

  • Сув манбаларидан ҳамкорлик асосида фойдаланишда илмий ёндашувлар;
  • Маҳаллий аҳолининг сув манбаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқлари ва ҳамкорлиги;
  • Сув манбаларидан ҳамкорликда фойдаланишда илғор тажрибалар;
  • Сув манбаларидан оқилона фойдаланишида муҳим бўлган ахборот тўпламлари.

Ривожланаётган давлатлардан ёш тадқиқотчилар томонидан тақдим этилган қисқача ахборотномаларининг расмийлаштирилиши билан боғлиқ харажатлар ЮНЕСКО томонидан қопланади. ЮНЕСКО молиявий кўмагини олиш учун, қисқача ахборотномани тақдим этишдан аввал, ёш тадқиқотчи қуйидаги шахсларга мурожаат этиши лозим: Renee Gift (r.gift@unesco.org) ёки Nicole Webley (n.webley@unesco.org).